Мазҳабпараст мутаассиб Аброр Мухтор Алий «шарофати» билан ёзилган 7 мақола
18. Мутаассиб Аброр Мухтор ва унинг атрофидаги унга ўхшаган турқи совуқлар ИАК режимининг қатағон сиёсатига мос ва мувофиқ фаолият юритмаганларида на ўзлари ва на шайхлари бирорта китоб ёзаолардилар ва на чоп қилиб сота олардилар. Бу нарса рад қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Бугун булар каби мутаассиблардан бошқаларга фаолият учун имкону шароит йўқ. Булар мазҳабга алоқаси бўлмаган бидъатларни ҳам мазҳабга киритдилар одамларга дин қилиб бердилар. Шулардан бири Мавлуди Наби САВ маросимидир. Бунга қарши чиққанларни ваҳҳобийликда айбладилар. Ваҳолонки, бу нарсага уларнинг шаръий далиллари йўқ эди. Буни «Бидъати ҳасана» дейишдан бошқа ҳужжатга эга бўлмасаларда, халқ ичида диний марсимга айлантирдилар. (Бу фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа ерларда ҳам мавжуд бидъатдир) Мени қаршилигим ҳатто, ўша бидъат ишига ҳам эмасди. Менинг улардан талабим эса, бу бидъат амални ўзларинг қилаверинглар. Лекин уни бидъат деб ҳисоблайдиган ва қилмайдиганларни маломат қилманглар ва ваҳҳобий деб қаматиб юборманглар деган талаб эди. Яъни, бу каби диний ихтилофларга ҳукуматдаги товуқмияларни аралаштириб, бошқача фикрдагиларга зулм етиб қолишига сабабчи бўлманг демоқдаман. Лекин, булар то шу кунгача суннат амалларни бажарувчиларга қаршилик қилишди. Бидъатларни эса суннатга айлантиришди.
Ким уларга қарши бўлса, қаматишди. Қанчадан қанча мусулмонлар давлат имомлари касофатидан озодликдан маҳрум бўлишди. Яна ўзлари зоналарга бориб, ИАКдан узр сўраб хат ёзишга чақиришди. Узр сўрамаганларни «ахлоқи тузалмаган» деб озод қилмасдан турмада қолдиришни ментларга тавсия қилишди. ИАК зулм қилиб ноҳақдан қамасаю, яна у Иблисдан узр сўрашимиш керакми?! Мусулмонларни турмага қамаб, намозу рўзаларга тўсиқ қўйган, ментларига итдек урдириб турмаларда ўлдиртирган золимдан узр сўрашни муллалар талаб қилишди. Анвар Турсун бошлиқ бир тўда имомлар келиб, бирма бир суҳбатлар ўтказишди. Бу сотқин хоин имомлар бизга Амирнинг буйруғи вожиб, намоз ўқишга рухсат бермаса, ўқиманглар деб фатво ҳам берганди. Аллоҳу Таъоло эса қуръони каримда намоздан тўсувчи кимсага итоат қилмасликка буюрганди.
Бир бандани намоз ўқиган вақтида (намозидан) тўсадиган кимсани кўрдингми?! Хабар бергин-чи, агар у (намоз ўқигувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса? Хабар бергин-чи, агар у ( кимса Аллоҳнинг китобини) ёлғон, деса ва (у Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса, албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан — ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да, (жаҳаннамга отурмиз)! Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз! Йўқ! сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У зотга) яқин бўлинг!
(Алақ сураси 9 дан 19 гача бўлган оятлар)
Биз энди кимга итоат қилишимиз керак эди? Бу динфурушларгами ёки очиқ ойдин кўриниб турган қуръон оятларигами?!
Булар динга хиёнат бўлмай нима?!
Диктатор то ўзи ўлгунича бу сиёсат ўзгармаслиги эҳтимоли кутилади. Лекин, ИАК каби бадбахтлар бахтига қарши энди интернет замонида ўзгача фикрни йўлини тўсиш имконлари ҳам тобора чекланиб бормоқда. Айни дамда битта мазҳаб диктатурасига ҳам барҳам берилмоқда. Бу ИАК ва унинг малайлари бўлмиш мазҳабчилар истайдими йўқми барибир энди бирорта жамиятда битта фикр ва битта ғоя ҳукмрон бўлаолмайди. Энди диний бўлсин дунёвий бўлсин барча фикрлар ва ақидалар ўзаро рақобатга кирадилар. Бу рақобатни холисона ва қон тўкилмасдан ўтишини таъминлаш ўзбек ҳукуматининг вазифаси бўлиши керак эди.
Ғарбда турли сиёсий партиялар ўзаро тинч тотув курашадилар. Бунга барча шароитлар бор. Шунингдек, Швецияда турли мазҳаблар орасида адоватлар йўқ. Протестант черкови давлатнинг асосий дини ҳисоблансада, бошқа Католик ёки Праваслав черкови, Иугево гувоҳлари ёки бошқа диний гуруҳлар фаолиятларига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Барча черковлар ўз фаолиятини бири иккинчисидан мустақил олиб боради. Ҳеч ким бошқани черковини қоралаб одамларни фақат унинг черковига киришга тарғиб қилмайди. Лекин, бу мазҳаблар орасида диний келишмовчиликлар етарли. Улар ўзаро келишолмайдиган нарсалар бор. Лекин, улар орасида адоват ва қон тўкишлик йўқ. Бизда эса, мазҳабпарастларга катта имкониятлар берилди. Бошқа фикрдагилар ҳам давлат томонидан қатағон қилинди. Ҳам динфуруш мазҳабчилар тарафидан қораланди. Ваҳолонки, бу мазҳабчиларда улардан бошқача фикрдаги мусулмонларга нисбатан қоралаш учун ҳеч қандай шаръий асос йўқ эди. Уларнинг катта шайхлари бошқа гуруҳлар қилаётган ишларни китобу суннатга зид эмаслигини яхши тушунишарди. Шунга қарамасдан улар зулм сиёсатига ён босиб, бошқаларни қораладилар. Адашганлар Ваҳҳобийлар дедилар. Айни мана шу нарса улар тарафидан динга қилинган хиёнат эди. Чунки, бу динда турли туман гуруҳлар ва мазҳаблар бор. Ҳаммасининг тепасида ўз шайху уламолари бор. Ҳеч бир йўл мутлақ ҳақиқат бўлиб, бошқаси мутлақ ботил эмасди. Ҳаммага тенг имконият берилмади. Бу зулм диктатура даври мана шу мазҳабчилар учун қўл келди халос. Бошқа тоифалар диктатурага қарши гапирардилар. Улар бу сохта мазҳабчилар каби, золимга хизмат қилиб, хушомадлар қилмасдилар. Мамлакатда, гарчи конституцияда қатъий белгилаб қўйилганига қарамасдан диндорларга тенг ҳақ ҳуқуқ берилмасди. Аёллар рўмолларига давлат миршаблари тарафидан ҳужумлар бўларди. Соқол қўйишлик мумкинмас эди. Болалар масжидларга боришдан тўсиларди. Минг минглаб одамлар у бу диний гуруҳга аъзоликда айблаб қамаларди. Буларни кўриб билиб туриб, мазҳабчилар ҳеч қачон ҳукуматни қораламаганлар. Ҳеч қачон ИАКни ва унинг амалдорларини айбдор демаганлар. Улар ҳам диндорларни қоралашган. Кечаю кундуз телевизорга чиқиб олиб маломатлар қилишган. Натижада бугунги аянчли ҳолат пайдо бўлди. Диндорлар орасида адоватлар пайдо бўлди. Б адоватлар ИАК жаҳаннамга кетганидан кейин, ўз бўй бастини ошкора кўрсата бошлайди. Эркинлик даври бўлар экан, томонлар орасида кўп йиллик адоватларни ҳал қилиб олиш бошланади. Мана шу пайтда эса, Аллоҳ асрасин, кўплаб нохуш воқеъалар бўлиши мумкин. Булар учун эса, мана шу бугунги мазҳабпарастлар масъул бўладилар халос. Чунки, булар адоватларни урчитишга хизмат қилдилар. Динга ва миллатга хиёнатлар қилдилар. Ўзларини ўнглаш ўрнига эса, шу бузғунчиликларида давом этмоқдалар.
19. Мен бугун бир шеър ёздим. Бу шеър мутаассиб муридларга аталган бўлиб, бу шеърда булар ҳажв қилинади. Мен бу муридлар ичида шоирлик даъвосидагилар борлигини биламан. Улар қамалгунича бошқа одам бўлиб, бошқача гаплар айтишган бўлса, қамалиб чиқиб, ИАКпараст ва шайхпараст ва мазҳабпараст бўлиб ИАКга маддоҳлик қиладиган бўлиб чиқишган. Мен бу шеъримга ва бошқа мақолаларда кўтарган саволларимга ва уларнинг ботил ишларига берган раддияларимга жавоблар кутиб қоламан. Катта гапирган одамларнинг бу сирли жимлиги тушунарсиздир. Бу фитнани бошлаганлар охиригача етказишлари лозим бўлади. Бу шеърим эса, барча мазҳабпараст шайхпарастларга тегишлидир. Уларнинг бошида эса албатта ўзини Аброр Мухтор Али деб номлаган фитначи туради валлоҳу аълам!
Нафсин кўзи доимо, уйғоқ бўлган муридлар, Ҳақ келганда тан олмас, мудроқ бўлган муридлар.
Ҳавони далил дерлар, ҳалол ҳаромни ерлар, Бидъату хурофотга, чанқоқ бўлган муридлар.
Пирига бериб қўлни, хизматда боғлаб белни, Бидъатни дин деб, элни, аҳмоқ қилган муридлар.
Гапирмайдилар Ҳақни, тўғри дерлар, ноҳақни, Парчалаб авом халқни, тарқоқ қилган муридлар.
Залолатда бирлашиб, шайтон билан сирлашиб, Шайх мозоринда хоки тупроқ бўлган муридлар.
Мазҳабпараст, шайхпараст, ИАКпараст шахспараст, Золимлар оёғинда, пайпоқ бўлган муридлар.
Ҳалол дея ҳаромни, Аҳмоқ қилиб авомни, ИАКга эҳтиромни кўпроқ қилган муридлар.
Нима фарқи бор қулдан, қадри паст бўлса пулдан, Бири бирига рақиб, ўртоқ бўлган муридлар!
Суннат дейилса буни, тан олмаймиз дер уни, Нима ҳақ бўлса шуни, камроқ қилган муридлар.
Юриб шайтон йўлида, золимларнинг қўлинда, Қанча одамлар жойин, қамоқ қилган муридлар.
Жанг эълон қилдингизлар, энди қаердасизлар, Мустабидлар томига, ямоқ бўлган муридлар?!
Сизларга айтар Саҳвий, жим турманг бўлинг жаҳрий, Андишанинг отини, қўрқоқ қўйган муридлар.
20. Мутаассиблик шайхга, шахсга, мазҳабга, миллатга, ватанга ва шунга ўхшаган нарсаларга нисбатан бўлиши кузатилади. Булар кимга нисбатан бўлишидан қатъий назар соғлом ақлни тўсадиган ва инсофу адолатга очиқ қарши чиқишга олиб келадиган иллатдир. Бу иллатдан ўзида бор йўқлигини текшириб юришлик ҳаммага бирдек лозиму лобуддир. Ислом олами тарихида мутаассибликнинг турли туман кўринишлари ва уларнинг улкан зарарлари ҳақида кўплаб китоблар бор. Покистон Ҳиндистон Авғонистонларда юзлаб гуруҳлар пайдо бўлишига ва улар орасида қонли ихтилофларга ҳам маҳабпарастликка мутаассиблик сабаб бўлгани маълум. Тақлид вожибми деган мавзуда баҳс юритилган Покистонлик мазҳабчилар ўзларининг сайтида мана шу қиссани ривоят қилишади. Муфтий Шайх Муҳаммад Шафиъ бир куни бомдод намози олдидан ўз устози аллома шайх Муҳаммад Анвар ал Кашмирий ҳужрасига кирди. Ва устозини «Афсус бутун ҳаётимни беҳуда зоеъ қилдим» деган гапларини эшитди. Шайх Муҳаммад Анвар ал Кашмирий бу гапни бир неча марта такрорлагач Шайх Муҳаммад Шафиъ ундан «Эй шайхимиз бутун ҳаётингни қуръону ҳадисни ўрганишга бағишладингку. Агар шу меҳнатлар умрни беҳуда кетгизувчи бўлса, бу меҳнатлар билан шуғулланувчиларни деб ҳисоблайсан?, деб сўради. Кашмирий жавоби уни ажаблантирди. Кашмирий «Исломга дунёдаги барча бошқа илмлар ҳужум қилиб турганда, биз уларга қарши курашиш ўрнига, имоми Абу Ҳанифани тан олмайдиган олимларга қарши, Абу Ҳанифа мазҳабини қўллаб қувватловчи далилларини излаб топиш ва уларга буни исботлашга уриниш билан шуғулландик. Бу ҳаётни зоеъ қилишлик бўлмай яна нима бўлади?!» деб жавоб берди. Яъни, бу кичик қиссада улкан ибратли ҳикоя мавжуддир. Ҳанафийчи олиму уламолар кўпчилиги бутун умрларини шу Ҳанафий мазҳабининг фатволари қайси оят ва ҳадисга асосланганини излаб топиб, бошқаларга шу мазҳабни тўғрилигини исботлашлик учунгина илм олишган ва китоблар ёзишган. Айни мана шу бошқа бировни айбини исботлаш ёки хатосини топишлик учун илм олишлик катта хатардир. Шайх МСМЮ ҳам бу йўналишда бир қанча китоларни ёзиб кетди. Бундан ташқари маърузаларида аллақайси ҳанафийчи олим Ҳанафий мазҳабини ҳақлигини исботлаш учун 22 жилд китоб ёзганлигини ва барча фатволарни далиллари борлигини исботлашганини кўрсатиб ўтади. Шу билан ўша киши барча эътирозларга раддия берганлигини айтади. Лекин, бу 22 жилд китобни Ҳанафий мазҳабини ҳақлигини исботлаш учун ёзган кимса тўғрисида умрини зое қилганми йўқми бизда маълумот йўқ. Бунақа сафсатага сарф бўлган умрга эса ачинмай бўладими?! Шу шайхга тегишли сайтлардан бирида қуйидаги ҳадиси шариф ёзиб қўйилибди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илмни уламолар ичида мақтаниш ёки ақлсиз кимсалар билан талашиб-тортишиш учун ва мажлисларнинг тўрини эгаллаш мақсадида ўрганманглар! Ким шундай қилса, (унинг жойи) дўзахдир, дўзах!» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 102). Бунга энди нимаям дейиш мумкин? Ўзлари гапирганига амал қилишмайди. Ўз айтганига ҳамиша хилоф қилишади. Мулланинг айтганин қилу, қилганини қилма» деган гап ҳам беҳуда айтилмаган шекилли?! Юқоридаги зикр қилинган шайх Кашмирий бу каби амаллар туб асосидан хатолигини айтиб ўтган. Илм биров билан тортишиш ва кимнидир хатосини кўрсатиш учунгина ўрганилмайди. Мен ҳам бу мақолаларни ёзиб борар эканман, айни шу мазҳабчиларни хатоларини айтишлик учун баъзан китоб қараётганимни ва шу сабаблигина баъзи нарсаларни тиловат қилаётганимни эътироф этаман. Бу нарсалардан дилим ғаш бўлади. Лекин, мен динда ҳақ деб билган нарсаларимни ёзаяпман. Ва ёзиш жараёнида ҳужжатлар билан тасдиқлаш учун китоб қарашга тўғри келмоқда. Лекин, барибир бу каби мақсадда китобга қарашлик дилимни ғаш қилади. Аммо, мен бу ишни охиригача етказмасдан тўхтатиб қўйиш ниятим йўқ. Мен давом эттирмасдан тўхтамоқчи бўлдим. Бунинг ягона шарти муридларнинг узр сўраши эди. Мадомики, улар рад қилишдими демак, бу ишда давом этамиз иншааллоҳ.