Ўзбекистонда электрон дарсликлар дастури ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда электрон дарсликлар дастури ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда ўзбек, рус, қорақалпоқ ва тожик тилларидаги умумтаълим дарсликларини мобил телефонларда ва планшетларда ўқиш имкониятини берувчи “Э-дарслик” мобил дастури ишга туширилди.

Мазкур дастур ЗиёНEТ Ресурс маркази томонидан ишлаб чиқилган. Дастурга 40 дан ортиқ дарсликлар жойлаштирилган.

Керакли дарсликларни телефон ёки планшетга юклаб олиш мумкин. Бу эса дарсликлардан Интернет тармоғига уланмасдан туриб фойдаланиш имкониятини яратади.

Дарсликлар ҳажми 50 мб гача бўлиши мумкин. Трафикни тежаш ва юклаб олиш тезлигини кўпайтириш мақсадида дарсликлар архивланган ҳолатда юклаб олинади.

Кун янгиликлари

Давлатнинг 8 миллиардини яқинларига бўлиб берган Кинематография раҳбари 8 миллион сўм жаримага тортилди

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 21 февраль куни, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқди ва қарор чиқарди.

Олий суднинг билдиришича, Фирдавс Абдуҳолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Мазкур жарима миқдори айни пайтда 8 миллион 100 минг сўмни ташкил қилади.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги 24 январь куни Фирдавс Абдуҳолиқов сериаллар олиш учун давлат субсидияларининг камида 8 миллиард сўмини хотини, қизи ва ўғлига мансуб бўлган ширкатларга ўтказиб берганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг 1 февраль куни Олий суд Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш очилганини ва у жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига юборилганини билдирган.

Ҳиндистоннинг Apollo Hospitals халқаро тармоғи Ўзбекистонда ўз клиникасини очади

Ҳиндистоннинг халқаро Apollo Hospitals тармоғи Marafon Group билан ҳамкорликда Ўзбекистонда юқори технологияли тез тиббий ёрдам клиникасини ташкил этади. Бу ҳақда The Times of India газетаси хабар берди.

Лойиҳавий қиймати 30 миллион доллар бўлган клиника, дастлаб 100 кишига мўлжалланади. Кейинроқ 200 ўринга кенгайтирилади.

Хабарда айтилишича, клиникадан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам фойдаланишига имконият яратиш мақсадида Фарғона вилоятида қурилади.

Клиника онкология, урология, нейрохирургия, кардиология, юқори аниқликдаги ташхис қўйиш ва аъзолар трансплантацияси билан шуғулланади.

1983 йилда ташкил этилган Apollo Hospitals тармоғи Ҳиндистонда биринчилардан бўлиб АҚШдаги Халқаро бирлашган комиссиянинг халқаро аккредитациясига эга бўлган.

Қозоқ фермерлари Ўзбекистонга гўшт экспорт қилишга рухсат берилишини талаб этмоқда

Қозоғистон фермерлари ҳукуматдан гўшт экспорт қилишга қўйилган мораторийни бекор қилишни ва Ўзбекистонга гўшт экспортини қайта тиклашни талаб этмоқда.

“Озод Европа-Озодлик” ва “Америка овози” радиолари қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, фермерлар бу борада ҳукуматга мурожаат жўнатган.

Фермерларга кўра, Ўзбекистон бир кило гўштни 10 доллардан сотиб олишга тайёр. Мамлакат ичкарисида эса гўштнинг бир килоси учун 6 доллар таклиф қилинмоқда. Фермерлар ички бозорни ҳам етарли даражада гўшт билан таъминлашга ваъда бермоқда.

Қозоғистон ҳукумати 2021 йилнинг ноябрида қурғоқчилик оқибатида чорва моллари қирилиб кета бошлагани ортидан ички бозорни таъминлаш учун гўшт экспортини тақиқлаган эди.

Қозоғистон 2021 йилнинг ноябригача Ўзбекистонга гўшт экспорти бўйича Беларусдан кейинги 2-ўринни эгаллаган эди. Ўтган йилнинг январидан- ноябригача Ўзбекистон гўшт экспортини 40 фоизга оширган ва хориж давлатларидан 22 миллион 700 минг долларлик гўшт сотиб олган.

Қадимий қўлёзмаларни талон қилган Миллий университет ходимларига жиноят иши қўзғатилди

Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII - XIX асрларга оид қиймати 2,6 миллиард сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон - торож қилинганлиги ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура 21 февраль куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, 19 февраль куни университетнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, шунингдек, Ахборот ресурс маркази директори ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.

Аввалроқ Kun.uz XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан йўқолганлиги ҳақида хабар берган эди.

ЎзМУ музейидаги нодир китоблар қаёққа йўқолди?

Йўқолган қўлёзмалар орасида Абу Бакр Собунийнинг XIII асрга оид қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган "Муқаддимаи Зафарнома" қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган "Хамса" достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар бор.

Тошкент шаҳри ва вилоятида экстремизмга алоқадорлик иддаоси билан 24 киши қўлга олинди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 24 нафар шахс ушланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ички ишлар вазирлиги мазкур шахсларнинг “экстремистик ташкилотларга алоқадор” эканини иддао қилган.

“Тадбир давомида ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида экстремистик оқим ва ҳалқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллари топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди”, дейилган ИИВ хабарномасида бу кишиларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбир қачон ўтказилганига аниқлик киритилган эмас.

Вазирлик айни пайтда қўлга олинган шахсларга нисбатан тергов давом этаётганини қўшимча қилган.

Тошкент ва Душанбе расмийлари миграцияга оид бир нечта ҳужжат имзолашди

Тожикистоннинг меҳнат, миграция ва бандлик вазири ўринбосари Абдулғаффор Раҳмонзода бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг 16-18 февраль кунлари Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича миграция соҳасидаги ҳамкорликка оид тўртта ҳужжат имзоланди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қайдича, мазкур ҳужжатлар орасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Тожикистон Меҳнат вазирлигининг миграция хизмати ўртасида меморандум ҳамда декларация ҳам бор.

“Имзоланган ҳужжатлар меҳнат соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган”, дейилган агентлик хабарномасида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки давлат расмийлари музокаралари натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича декларация тузилганига ҳам эътибор қаратган.

ССВ: Ўзбекистонга яна 135 минг дозадан зиёд Sputnik Light вакцинаси келтирилди

Ўзбекистонга Россиядан яна 135 минг 875 доза Sputnik Light вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда 21 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Галдаги партия билан мамлакатга келтирилган Sputnik Light вакцинаси миқдори 343 минг 375 дозага, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар умумий миқдори эса 53 миллион 715 минг 423 дозага етган.

Вазирлик қайдича, Sputnik Light вакцинасидан ташқари вакциналарнинг 2 миллион 404 минг 480 дозасини AstraZeneca, 38 миллион 700 минг 268 дозасини ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 341 минг 790 дозасини Sputnik V, 6 миллион 322 минг 860 дозасини Moderna, 2 миллион 626 минг 650 дозасини Pfizer/BioNTech, 1 миллион 976 минг дозасини эса Sinovac вакциналари ташкил қилмоқда. Бундан қарийб 45 миллион дозаси ўтган йил апрелидан бошланган эмлаш жараёнида қўлланилган.

ССВ маълумотига мувофиқ, 20 февраль куни Ўзбекистонда 160 нафар кишининг коронавирус юқтириб олгани аниқланган, шу тариқа COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 235 минг 427 нафарга етган.

Вазирлик кеча беморлардан 1486 минг нафари тузалгани, шу тариқа соғайганлар сони 227 минг 423 нафарга етганини билдирган.

Шунингдек, ССВ вакилларига кўра, ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан 2 нафари вафот этган, бу билан хасталик қурбонларининг умумий сони 1621 нафарга етган. Вазирлик ҳордиқ куни яна 34 нафар кишида пневмония аниқланганини қўшимча қилган.

Самарқандда таксичилардан зўравонлик билан “солиқ” ундириб келган шахслар қўлга олинди

Самарқандда ўтган ҳафтада таксичилик билан шуғулланиб келган ҳайдовчилардан зўравонлик йўли билан пул ундириб келган 7 нафар шахс қўлга олинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган бу шахслар Самарқанд-Навоий ва Самарқанд-Бухоро йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан доимий йўналишда таксичилик қилиш учун 300-500 АҚШ доллари ҳамда кунлик қатновчи ҳайдовчилардан 30 минг сўмдан 50 минг сўмгача маблағни таъмагирлик йўли билан ундириб келишган.

“Жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолиятига қарши чиққан ёки сўралган пул маблағларини бермаган фуқароларга нисбатан гуруҳга ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар орқали жисмоний тазйиқ, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишган”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Самарқандлик тартиб посбонлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида гуруҳ етакчилари В.Ф. ва Э.Д. тадбирга жалб қилинган фуқароларга товламачилик қилаётган вақтида қўлга олинган, уларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент ҳукумати “Ўзбек Бэнкси”си Inkuzart асарларидан яна бири – “Эйнштейн”ни бўяб ташлади (ВИДЕО)

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 103-мактаб ўқувчилари сайр қилишни яхши кўрадиган ҳудудда “Ўзбек Бэнкси” си сифатида тилга олинадиган арт-стритчи Inkuzart чизган Альберт Эйнштейн ва унинг формулалари граффитиси ҳокимият томонидан бўяб ташланди.

Inkuzart бу ҳақда ўз Телеграм каналида видео эълон қилди. Рассом видеони “Чилонзор ҳокимига раҳмат” деб номлаган.

“Газета.уз”нинг хабар беришича, Чилонзор тумани ҳокимияти "бино сносга тушгани боис граффити бўялганини" ва рассом учун бошқа “қулай жой тавсия этилиши”ни билдирган.

Чилонзор туман ҳокимлиги “сносга тушган бино”га чизилган сурат бюджетдан пул сарфланиб ўчирилиши мантиққа қай даражада тўғри келиши юзасидан тушунтириш бермаган.

Бундан аввал Тошкент ҳокимияти Inkuzart таҳаллуси билан ижод қилувчи кўча рассомининг қатор асарларини бўяб ташлаган ва бу борада мантиқий жиҳатдан асосланган сабабларни келтира олмаган эди.

Масалан, Inkuzart 2021 йил ноябрь ойида бензин нархи ошгани оқибатида дўппи кийган одам ўзини отаётгани тўғрисида, 2021 йил сентябрида эса автосаноат монополияси ва автомобил сотиб олиш учун узун навбатларга бағишланган кўча суратларини чизган эди. Бу суратлар ҳокимият томонидан ўчириб ташланган.

Ҳайдовчига "пистолет" қадаган монополия: АЁҚШларда қиммат бензинга навбат камаймаяпти

Бэнкси кўча сатирик тасвирий санъати - граффити соҳасида халқаро миқёсда танилган рассомлардан биридир.

Британияда яшовчи мазкур рассом шахсига оид турли таҳминлар мавжуд, лекин унинг ким экани шу кунгача аниқ эмас.

Inkuzart ўзбек маҳаллий матбуоти томонидан “Ўзбек Бэнкси” си сифатида эътироф этилади.

"Inkuzart": Тошкент деворидаги монополия. Ҳокимият "ЎзАвто"га навбатни "қисқартирди"

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар вирусга чалинганлардан бир неча баробарга кўпроқ бўлмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 19 февраль куни Ўзбекистонда 204 кишида коронавирус аниқланди. Айни пайтда бир кун ичида касалликдан соғайганлар сони 14789 кишини ташкил қилди.

Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчиликда ҳамон Тошкент шаҳри (72 киши) бормоқда. Тошкент вилоятида эса 46 бемор аниқланди.

Бу билан коронавирус қайд этилганлар сони 235267 кишига, касалликдан тузалганлар сони 225937 кишига етди.

Шунингдек, коронавирусга чалинган 2 нафар бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1619 нафарни ташкил қилди. Қолаверса, кеча 38 нафар кишида пневмония аниқланди.

"Ҳаммаси мақсадли ишлатиляпти" - Мирзиёев ташқи қарз бўйича хавотирлар ўринсиз эканини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ташқи қарзи ортиб бораётгани ҳақидаги хавотирлар асоссиз эканини айтди.

19 февраль куни Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларига ташрифи пайти фаоллар билан учрашувда Мирзиёев четдан олинаётган маблағлар мақсадли ишлатилаётганини айтди.

"Агар биз зарур ресурсларни жалб қилмаганимизда қиймати 500 млн долларлик метро лойиҳаларини амалга ошира олармидик? Шунча қурилишларни тезкор бажарармидик? Ҳозир шунча аҳоли уйли-жойли бўлди, метродан минглаб одамларимиз фойдаланяпти. Заводлар қуряпмиз, иш ўринлари яратяпмиз.

Ташқи қарз шу халқимизнинг фаровонлигига хизмат қиляпти. Энг муҳими – ташқи қарз миқдори қонун доирасида. Ташқи қарз ҳам ҳамма давлатларга берилмайди: ишонч борки, бизга тақдим қилишяпти. Ҳаммаси мақсадли ишлатиляпти ва вақтида қайтарилади. Бошқа давлатлар ташқи қарзи билан солиштирганда бизники анча паст кўрсаткичда”, – деди Мирзиёев.

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч“ (Bankwatch Network) ташкилоти шу ой бошида Ўзбекистонга юзлаб миллион доллар кредитлар ажратаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) лойиҳаларида “шаффофлик ва мулоқот етишмаслиги”дан хавотир билдирган, очиқликнинг йўқлиги маблағларнинг мақсадли сарфланишини савол остига қўйишини айтиб чиққанди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада кўп - 690 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани хабар қилинган.

Айни пайтда ЕТТБнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бош сўзчиси Антон Усов Озодлик билан суҳбатда “Банкуотч“ хавотирларини рад этганди.

Ўзбекистон Европа банкидан "рекорд даражада" қарз олди. Маблағлар қандай сарфланмоқда?

2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 37,6 млрд долларга етган.

Амалдаги қонунчиликка биноан, давлат қарзининг қолдиғи ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак. 2021 йилнинг бошида ЯИМга нисбатан давлат қарзининг ҳажми 38,8 фоизни ташкил этган. 2021 йил давомида эса бу кўрсаткич давлат қарзининг ўсиш темпи барқарорлашгани ҳисобига пасайгани маълум қилинган.

Камилов ва Блинкен ўзаро муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан табрик алмашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро қутлов мактубларини алмашди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Юсуф Кабулжонов 19 февраль куни маълум қилди.

ТИВ вакилига кўра, Абдулазиз Камилов ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаган.

"Мамлакатлар ўзаро ҳурмат тамойили асосида сиёсат, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари ва маданият соҳаларидаги қатор масалалар бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, анъанавий ўтказиб келинган маслаҳатлашувлар механизми Стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилиб, унинг биринчи мажлиси 2021 йилда Тошкент шаҳрида муваффақиятли ташкил этилгани алоҳида билдирилди", дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз табригида АҚШ билан халқаро ва минтақавий форматлар, жумладан, «C5+1» механизми доирасидаги самарали ҳамкорликни эътироф этди. Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини ҳам қайд этган.

Ўзбекистон ТИВ вакилига кўра, Энтони Блинкен Америка томони бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган улкан мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаган.

Мактуб якунида Э.Блинкен Қўшма Штатлар Ўзбекистон олиб бораётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини маълум қилган.

Қўшма Штатлар ўттиз йил аввал биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган.

ССВ: Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 235 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, жорий йилнинг 18 февраль ҳолатига кўра, 235 минг 63 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, жума куни Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари барча ҳудудларда 191 нафар киши коронавирусга чалинган.

ССВ маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 1 минг 382 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 224 минг 458 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 617 нафарга етгани, шунингдек, 42 нафар кишида пневмония аниқланганини қўшимча қилган.

ССВнинг бошқа бир хабарномасида келтирилишича, 18 февраль куни Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб аҳолини COVID-19 га қарши эмлашда 165 минг 808 доза вакцина қўлланилган, шу тариқа ўтган йилнинг апрель ойидан буён мамлакатда фойдаланилган вакциналар миқдори 44 миллион 798 минг 831 дозага етган.

Навоийдаги савдо мажмуасида эскалатордан қулаган 52 ёшли эркак вафот этди

Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасида 5-қаватдан 4-қаватга тушиш чоғида эскалаторда мувозанати йўқотган 52 ёшли Ш.Т. 3 ёшли набираси А.С. билан пастга қулаган, ҳодиса оқибатида бобо воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

ИИБ вакиллари қайдича, мазкур ҳодиса 18 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20:30 ларда содир бўлган. Қулаш чоғида тан жароҳати олган 3 яшар болакай Навоий вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилгани айтилмоқда.

Хабарномада боланинг аҳволи ҳозирда қандай эканига аниқлик киритилган эмас.

“Ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган вилоят ИИБ релизида.

Қўқонда “Ҳизбут-Таҳрир” ғояларини тарғиб қилганликда гумонланган шахс қўлга олинди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти тарафдори ушланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси мазкур шахснинг қайси санада қўлга олинганига аниқлик киритган эмас.

ИИВ вакиллари иддаосича, муқаддам “Ҳизбут-Таҳрир” сафида фаолият олиб боргани учун 2000-2004 ва 2007-2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан 42 ёшли М.А. Facebook тармоғи орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиш ва шу йўл билан “таҳрирчилар” сафини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.

“М.А. Facebook’даги электрон манзили орқали виртуал дўстларига “Ҳизбут-Таҳрир” ДЭТнинг аудио-видео материалларини, шунингдек ташкилотнинг фаол виртуал ёлловчиси ва тарғиботчиси “Махмуд Абдулмўмин” тахаллусли, 1980 йилда Қирғизистонда туғилган Холдаров Махмуджон Абдумаликовичнинг маърузаларини тарқатиб келганлиги аниқланди”, дейилган ИИВ хабарномасида айни пайтда мазкур шахсга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилаётганини қўшимча қилган.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎